Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди 2024 йил 2 майгача давлат гранти 2-танловини эълон қилади

Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди

““Халқ бой бўлса, давлат ҳам бой ва қудратли бўлади” тамойили асосида аҳолини тадбиркорликка кенг жалб этиш” мавзуида Давлат грантлари ажратиш учун 2-танловни

ЭЪЛОН ҚИЛАДИ

Танловга нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг қуйидаги мақсадларни назарда тутувчи ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳалари қабул қилинади:

1.         “Давлат органлари, бизнес субъектлари билан ҳамкорликда  фуқаролар фаровонлигини оширишга қаратилган Ўзбекистон иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулкларни ташкил этиш орқали ёшлар, аёллар ва ёш оилаларнинг бандлигини таъминлашга кўмаклашиш;

2.        Чекка, тоғли ва олис қишлоқ ҳудудларда оилавий тадбиркорликни ривожлантиришда фуқаролик жамияти институтларининг фаоллигини қўллаб-қувватлаш;

3.        Банд бўлмаган аҳолини, айниқса хотин-қизлар ва ёшларни ҳудуднинг хусусиятидан келиб чиқиб, уларнинг иқтисодий, молиявий ва бизнес соҳасидаги кўникмаларини юксалтириш ҳамда тадбиркорликнинг турли соҳаларига кенг жалб қилиш;

4.        Ёлғиз ва кўп болали оилалар фарзандларини, ишсиз ёшларни қўшимча касбларга (тикувчилик, пазандалик, сартарошлик ва бошқа йўналишлар) ўргатиш ҳамда бандлигини таъминлашга кўмаклашиш;

5.        Маҳаллий ривожланиш дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш орқали маҳаллаларда ижтимоий корхоналарни ташкил этиш ҳамда меҳнат бозорида рақобатбардош бўлмаган аҳоли қатламининг бандлигини таъминлаш;

6.        Кам таъминланган ва даромади паст аҳоли қатламини ижтимоий фаоллигини ошириш, аҳолида тадбиркорлик руҳини уйғотиш, инсоннинг ички имконияти ва салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқаришга қаратилган лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш;

7.        – “Халқ бой бўлса, давлат ҳам бой ва қудратли бўлади” тамойилини ҳаётга жорий этиш орқали аҳолини тадбиркорликка кенг жалб этиш, оилавий тадбиркорлик ва касаначилик, ҳунармандчиликни рағбатлантириш борасида тарғибот ишларини олиб бориш;

8.        Туризм маҳаллаларида миллий ҳунармандчилик маҳсулотларини ишлаб чиқаришга аҳолини иш билан банд бўлмаган қисмини жалб қилиш қаратилган лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш;

9.        Уй хўжалигидан фойдаланган ҳолда даромад манбаини шакллантиришга, янги иш ўринлари яратишга ва даромадлар манбаига айлантиришга кўмаклашиш;

10.    Миллий ҳунармандчилик соҳасида устоз-мураббийлик анъаналарини янада ривожлантириш, кекса авлоднинг билими, тажрибаси ва меҳнат салоҳиятидан фойдаланиш, уларни ҳаётга тадбиқ этишга кўмаклашиш

11.    Туризмнинг тарихий-илмий, экологик, гастрономик ва бошқа турларини хорижий аудитория ўртасида оммалаштириш орқали Ўзбекистоннинг сайёҳлик ҳамда маданий-тарихий жозибадорлигини кучайтириш;

12.    “Ўзбекистон - 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури доирасида фуқаролик жамияти институтларининг хоспислар ташкил этишдаги роли.

Давлат гранти ажратиш учун қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

1. Ташкилот раҳбари томонидан имзоланган ва муҳр билан тасдиқланган кузатув хати;

2. Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фондининг www.fondngo.uz расмий веб сайти ва https://t.me/GROUP_JAMOAT_FONDI телеграм каналида жойлаштирилган ва янги юкланган шаклда тўлдирилган давлат гранти лойиҳаси учун ариза;

3. Охирги ўзгартириш ва қўшимчалар билан давлат рўйхатидан ўтган ННТлар ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг Устави (Низоми) нусхаси;

4. Ташкилотнинг давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳнома нусхаси;

5. Агар лойиҳани амалга ошириш лицензияланадиган фаолиятни талаб қилса, унда лицензиянинг нусхаси;

6. Ташкилотнинг солиқ қарзи мавжуд эмаслиги тўғрисида маълумотнома;

7. Манфаатдор давлат ва жамоат ташкилотларининг тавсия ҳамда қўллаб-қувватлаш хатлари.

Битта лойиҳа учун ажратиладиган грант миқдори – 200 миллион сўмгача.

Ҳужжатлар 2024 йил 1 апрелдан 2 майгача  қабул қилинади.

Ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги ННТларни ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди номига “Ўзбекистон почтаси” орқали юбориладиган муҳрланган конвертларда (А4 форматда) қуйидаги манзил бўйича қабул қилинади: 100035, Тошкент шаҳри, Бунёдкор кўчаси, 1-уй. 

Ҳужжатларни тақдим этиш шартлари ва намуналари билан Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фондининг www.fondngo.uz расмий веб сайтида танишиш мумкин.

Маълумот учун телефонлар: (78) 238-23-76, (78) 238-23-77.