Янги ижтимоий лойиҳаларга кенг имкониятлар

Фуқаролик жамияти институтлари давлатнинг ижтимоий шериги сифатида аҳоли кенг қатламларининг ижтимоий ва иқтисодий фаоллигини қўллаб-қувватлаш, ислоҳотлар самарадорлигини таъминлаш, демократик ўзгаришлар жараёнларида фаол иштирок этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида юртимизнинг барқарор тараққий этишида соҳа ва йўналишлар олдида турган ўта муҳим вазифалар кўрсатиб берилган.  

Жумладан, Мурожаатномада Олий Мажлис ҳузуридаги ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг фаолиятини жойлардаги долзарб муаммоларни ҳал этишга қаратиш, мавжуд муаммоларни аниқлаш, уларни чуқур таҳлил қилиш, ечимлари бўйича таклиф ишлаб чиқиш, ижроси устидан жамоатчилик назоратини таъминлашга ижтимоий буюртма асосида нодавлат нотижорат ташкилотларини кенг жалб этишга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги белгиланган.

Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссиясининг йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда таълим,  маданият, тиббиёт, экология, қурилиш, коммунал хўжалиги ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш соҳасидаги давлат ижтимоий буюртмаси ва жойлардаги мавжуд муаммоларни аниқлашга, уларни ҳал этишга қаратилган муҳим лойиҳаларни амалга ошириш бўйича эълон қилинган давлат грантлари танловларининг натижалари кўриб чиқилди.

Давлат ижтимоий буюртмаси доирасида таълим, маданият, тиббиёт, экология, кадастр, қурилиш, коммунал хўжалиги, бандлик ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш каби соҳаларда қўллаб-қувватланган 21 лойиҳанинг амалга оширилиши натижасида бошланғич синф ёшидаги ногирон болаларга инклюзив таълим тизими жорий қилинади. 35 000 нафар мактаб ўқувчисининг одам савдосининг салбий оқибатлари ҳақидаги хабардорлиги оширилади. 1000 нафар тарбияси оғир ёш турли тадбирларга жалб қилинади. 10 000 нафардан ортиқ талаба тизимли маънавий-маърифий тадбирлар билан қамраб олинади. Олий таълим муассасаларида имконияти чекланган талабаларга “Тўсиқсиз муҳит” дастури шакллантирилади.

Янги замонавий ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда “Дуал таълим дастури” ва “WorldSkills” халқаро стандарти асосида 15 000 нафар ишсиз ёш 22 та касбга ўқитилиб, уларнинг бандлиги таъминланади.

Мамлакатимизда туризм соҳасида талабаларнинг стартап лойиҳалари асосида 100 та янги иш ўрни яратилиб, экотуризмнинг 15 та янги маршрути ташкил этилади. Имконияти чекланган фуқаролар учун “Тўсиқсиз туризм” электрон харитаси ва веб-сайти ишга туширилади.

Қурилиш ва коммунал хизмат кўрсатиш соҳасида аҳоли учун “Огоҳ фуқаро” онлайн маслаҳат тизими яратилади. 10 000 нафар фуқарога давлат сиёсати тушунтирилади. Наманган вилоятида 6 044 нафар фуқаро яшайдиган 2 та маҳалла тоза ичимлик суви билан тўлиқ таъминланади.

Шунингдек, 4,8 млрд. сўмлик 120 та давлат гранти лойиҳалари доирасида фуқаролик жамияти институтлари маҳаллий давлат бошқаруви органлари билан ижтимоий шерикликда қуйидаги вазифаларни амалга оширади.

“Темир", "Аёллар", "Ёшлар" дафтарларига киритилган 3 600 дан ортиқ вақтинча ишсиз бўлган ёшлар, аёллар, ногирон шахсларга бизнес- режа тузиш ва юритиш соҳасида маҳорат дарси, бизнес маслаҳат, давра суҳбати ўтказилади.

Ҳудудларда 2000 та якка тартибдаги ва 17 та оилавий тадбиркорлик субъекти, 4 та янги ижтимоий корхона ташкил этилиб, ногиронлар аравачаси ва бошқа асбоб- ускуналар, қандолатчилик маҳсулотлари ишлаб чиқарилади ҳамда аҳолига турли маиший хизматлар кўрсатиш йўлга қуйилади.

Оғир ижтимоий аҳволга тушган, тиббий ёрдамга муҳтож 2 070 нафар хотин-қизга психологик ва ҳуқуқий ёрдамлар кўрсатилади. Ажрим ёқасидаги 440 нафар оила яраштирилади ва соғлом муҳит шакллантирилади.

Чекка, чегара олди маҳаллаларда ногирон, ишсиз, кам таъминланган, нотинч оилалардаги
23 507 нафар ёшни экстремистик оқимларнинг таъсиридан ҳимоя қилиш, гиёҳвандлик, ахлоқсизлик, эрта ва яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг олдини олиш билан боғлиқ таъсирчан жамоатчилик чора-тадбирлари олиб борилади.

Ёшлар “Беш ташаббус” доирасида индивидуал суҳбатлар, адабиёт ва санъат вакиллари билан учрашувлар, “Ёш ижодкор” клублари, касб-ҳунар курслари, спорт тўгараклари ва бошқа турли маънавий-маърифий, ҳарбий ватанпарварлик тадбирларига жалб қилинади.

Аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, жамоатчилик назоратини амалга ошириш бўйича 258 та давра суҳбати ва семинар-тренин”да 101 180 нафардан ортиқ фуқаро қамраб олинади. 1 200 дан ортиқ фуқаронинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилинади. Соғлиқни сақлаш, экология, маданият ва таълим соҳаларида 38 та жамоатчилик эшитуви, экологик рейд ва сўровномалар ўтказилади.

Халқаро рейтинглар ва индексларда Ўзбекистондаги ижобий ўзгаришларни ёритишни янада кучайтириш мақсадида 3 тилда “Ўзбекистондаги ислоҳотлар ҳақида” бюллетен чоп этилади ҳамда 20 та инфографика ҳамда  4 та видео ролик ижтимоий тармоқлар орқали жаҳон ҳамжамиятига ҳавола этилади.

ННТ ва фуқаролик жамияти институтларини молиявий қўллаб-қувватлаш аҳоли ва турли ижтимоий қатламларнинг долзарб масалаларини ҳал этиб, ҳудудий, тармоқ ва соҳавий ривожланиш дастурларини ишлаб чиқишга ҳамда амалга оширишга кўмаклашади, давлат органлари билан ижтимоий шерикликни янада мустаҳкамлайди.

Буларнинг барчаси эркин ва адолатли фуқаролик жамиятнинг шаклланиши, нодавлат нотижорат ташкилотларининг амалга оширилаётган ислоҳотларга дахлдорлик ҳисси кучайишига хизмат қилади ва уларнинг юрт тараққиёти йўлида фаол иштирокини таъминлайди.

Парламент комиссияси томонидан “Ёшларни маънавий етук қилиб тарбиялашда ҳамда бандлигини таъминлашда ижтимоий шерикликни кучайтириш” ва “Жамиятда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва аҳоли соғлиғини мустаҳкамлашда фуқаролик жамияти институтларининг фаоллигини ошириш” мавзуида давлат грантлари ажратиш учун учинчи ва тўртинчи танловлар эълон қилинди.

Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 30 йиллигига бағишлаб “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” ғояси асосида фуқаролик жамияти институтларининг маънавий-маърифий ва тарғибот–ташвиқот лойиҳаларини  қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча бешинчи давлат гранти танловини эълон қилиш бўйича Парламент комиссиясининг қарори қабул қилинди.

Танловлар жорий йилнинг 25 августидан  28 сентябргача эълон қилинади.  Ҳудудларда Парламент комиссиялари аъзолари, Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фонди, Адлия вазирлиги, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати,“Тараққиёт стратегияси” маркази, ЎзННТМА томонидан учрашувлар, семинарлар ва давра суҳбатлари, сайёр қабулларни ўтказиш белгиланди.

 Тадбирларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Янги Ўзбекистон” газетасига берган интервьюсидаги янги ғоя ва ташаббусларидан келиб чиқадиган фуқаролик жамияти институтларининг долзарб вазифалари муҳокама қилинади ҳамда тегишли чора-тадбирлар ишлаб чиқилади. Ижтимоий шериклик ва жамоатчилик назорати, ННТ билан самарали  ишлашни янада такомиллаштириш бўйича тавсиялар берилади.

Кун тартибидаги масалалар юзасидан Парламент комиссиясининг қарорлари қабул қилинди.