2023 йил 22 февраль куни Парламент комиссиясининг йиғилиши бўлиб ўтди

Юртимизда давлат ва жамият қурилишида нодавлат нотижорат ташкилотларининг роли ҳамда ўрни кун сайин ошиб бормоқда.

Фуқаролик жамияти институтлари давлатнинг ижтимоий шериги сифатида аҳолини кенг қатламларининг ижтимоий ва иқтисодий фаоллигини қўллаб-қувватлашга, ислоҳотлар самарадорлигини таъминлашга, демократик ўзгаришлар жараёнига янада кенг жалб қилиш муҳим аҳамиятга эга.

Айниқса, аҳолининг кенг қатламларини моддий ва маънавий эҳтиёжларини қондириш ҳамда долзарб муаммоларни самарали бартараф этишда ННТ ва фуқаролик жамиятининг муносиб ўрни бор.

2023 йил 22 февраль куни Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини (ННТ) ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фондининг жамиятдаги энг муҳим долзарб муаммоларни ҳал қилишда ННТ ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш Дастури Парламент комиссияси томонидан кўриб чиқилди.

Дастурга кўра, 2022-2026 йилларда Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгиланган мақсадга эришишда, “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” Давлат дастури ижросини таъминлаш муҳим вазифа сифатида белгиланди.

2023 йил ННТ ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг дастур ва лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш учун мамлакатимизнинг бюджетидан 226,5 млрд. сўм   маблағлар ажратилган.

Бу ўз навбатида жорий йилда ННТ ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг 1000 дан ортиқ дастур ва лойиҳаларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш имкониятини яратади.

Шу боис Парламент комиссияси йиғилишида ННТ ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг дастур ва лойиҳаларига ажратиладиган маблағлар аниқ натижага йўналтирилган бюджет тамойили асосида очиқ танловлар орқали амалга оширилиши қатъий вазифа этиб белгиланди. Хусусан:

Давлат грантлари шаклида 17 млрд. сўмлик 180 дан ортиқ лойиҳалар амалга оширилади.

Мазкур лойиҳалар, хотин-қизлар ва ёшларнинг бандлигига кўмаклашиш, ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини аҳолига етказиш, таълим сифатини ошириш, маънавий муҳитини соғломлаштириш, радикаллашув, мутаассиблик ва ёт ғоялар таъсирига қарши курашиш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш, энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш, камбағалликни қисқартириш, соғлиқни сақлаш, экология соҳаларида жамоатчиликни назоратини кучайтиришга ҳамда таъсирчан ташаббусларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилади.

Давлат ижтимоий буюртмаси шаклида давлат органларининг таълим сифатини ошириш, маданият, соғлиқни сақлаш, экология ва энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш, қурилиш, коммунал хўжалиги, камбағалликни қисқартириш ва бандлик каби соҳалардаги жамоатчилик назоратини кучайтиришга ҳамда таъсирчан ташаббусларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган буюртмаларини молиялаштириш учун 18 млрд. сўмга қўллаб қувватланади.

Давлат субсидияси шаклида жамоат ташкилотларининг устав фаолияти ва йиллик иш режасини бажаришга 191 млрд. 490 млн. сўм йўналтириш белгиланди.

Субсидиянинг амалга оширилиши Янги Ўзбекистон тараққиёти стратегияси мазмун-моҳияти аҳолига, хорижий “ақл марказ”ларига етказилади, демократик ислоҳотлар ижроси устидан жамоатчилик назорати янада кучайтирилади.

ННТ ва фуқаролик жамиятининг институтлари иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлашга, уларни рақамли технологияларга кенг жалб қилишга, аҳолини ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтиришга жалб қилинади.

Субсидия доирасида аҳолини кенг тадбиркорликга жалб этиш, тадбирклрларни ҳуқуқларини ҳимоя қилиш уларга берилаётган имтиёзлардан фойдаланишни ўргатиш бўйича ишлар ташкил этилади

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 230-сонли “Ижтимой ҳимояга  ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора – тадбиралр тўғрисидаги” Қарор ижросини таъминлаш орқали аҳолига ижтимоий хизматлар кўрсатишни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқишга, ногиронлиги бўлган шахсларни жамиятга ижтиоий мослашишига кенг имкониятлар яратишга эришилади.

Ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш, ижтимоий ёрдам кўрсатиш,  жамиятлда ўз ўрнини топишга кўмаклашиш борасида ишларни ташкил этиши учун Ўзбекистон кўзи ожизлар, карлар, ногиронлар жамиятлари, ногиронлар ассоциацияси ва уларнинг вилоят, шахар ва туман бўлимларига давлат субсидияси ажратилди.

Мазкур вазифага Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашлари ҳузуридаги Ижтимоий шериклик бўйича жамоат комиссиялари ва жамоат фондлари кенг жалб қилинади ҳамда улар томонидан молиялаштирилади. Парламент комиссияси аъзолари  ва Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди томонидан услубий кўмаклар кўрсатилади.

Парламент комиссияси томонидан “Жамиятда ва оилада соғлом ижтимоий-маънавий муҳитни таъминлаш” ва “Аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш” мавзусларида давлат грантлари ажратиш учун  биринич ва иккинчи тнловлари эълон қилиш тасдиқланди. Танловлар Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди томонидан жорий йилнинг 27 февралидан 31 мартигача бўлган муддатда ўтказилиши белгиланди.

Парламент комиссияси кун тартибидаги бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқди ва тегишли қарорларни қабул қилди.

 

Олий Мажлис ҳузуридаги

жамоат фонди ижро девони